Мақолада давлат молиявий сиёсатининг самарадорлигини баҳолашнинг методологик асосларини такомиллаштириш ва уларни Ўзбекистон амалиётида қўллаш масалалари ёритилган. Хусусан, давлат молиявий сиёсатини баҳолашнинг назарий асослари, унинг самарадорлигини аниқлашда анъанавий ва замонавий методларнинг имкониятлари кўриб чиқилган. Жумладан, макроиқтисодий кўрсаткичлар асосида самарадорлик композит индекси (MSSI – Macroeconomic Stability and Sustainability Index), секторлар кесимида харажат-натижа самарадорлигини баҳолаш модели (DEA – Data Envelopment Analysis), солиқ сиёсатининг ЯИМга таъсир даражасини аниқлашда эластиклик усули ҳамда Лаффер чизиғига асосланган бихевиорал моделлари, ижтимоий харажатлар самарадорлигининг натижавий баҳосини ифодаловчи таҳлили (PBB – Performance-Based Budgeting) тадқиқ этилди. Ўзбекистон амалиёти мисолида ушбу методологик ёндашувлар таҳлил қилинди ва натижалар орқали давлат молиявий сиёсатининг кучли ва заиф жиҳатлари очиб берилди ҳамда уни такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишлари ёритиб берилди.
Мақола Ўзбекистондаги акциядорлик жамиятларида мулкий капитал рентабеллиги (ROE) ни белгилайдиган омилларни DuPont моделидан фойдаланган ҳолда таҳлил қилиб, компаниянинг молиявий муваффақиятига даромаддорлик, самарадорлик ва қарз юкининг таъсирини ўрганади. Панель маълумотлари бўйича 25 та номолиявий компаниянинг 10 йиллик (2014–2023 йиллар) собит ва тасодифий эффектлар моделлари қўлланилди. DuPont модели тахминларига мос ҳолда, даромаддорлик ва самарадорлик мулкий капитал рентабеллигига муҳим ижобий таъсир кўрсатган, бироқ қарз юки салбий таъсирга эга бўлган. Ортиқча эффектли модель (лаг эффекти) натижаларига кўра эса, уччала омил ҳам мулкий капитал рентабеллигига аҳамиятли ижобий таъсир кўрсатган. Ўзбекистондаги номолиявий компанияларни таҳлил қилувчи илк мақолалардан бири сифатида, ушбу тадқиқот компания самарадорлигига таъсир қилувчи омиллар ҳақида тадқиқотчилар ва менежерлар учун фойдали маълумотлар тақдим этади.
Ушбу мақола суғурта ташкилотларининг барқарорлиги ва самарадорлигига таъсир қилувчи омилларни баҳолашга бағишланган. У ташқи ва ички омилларни, шу жумладан суғурта компанияларининг молиявий барқарорлиги ва операцион кўрсаткичларига таъсир қилувчи иқтисодий, молиявий, тартибга солиш ва бошқарув жиҳатларини ўрганади. Ушбу омилларни баҳолаш ўзгарувчан бозор шароитлари ва иқтисодий воқеликлар шароитида ташкилотларнинг барқарорлигига ҳисса қўшадиган ёки тўсқинлик қиладиган асосий елементларни аниқлашга имкон беради.
Мазкур мақолада ўйинчоқ ишлаб чиқариш корхоналарида ташкилий-иқтисодий самарадорликни баҳолаш ҳамда кадрлар сиёсати самарадорлигини таҳлил қилиш масалалари ўрганилган. Тадқиқот объекти сифатида “Green Line Toys” МЧЖ ва “Toys City” МЧЖ корхоналари фаолияти танлаб олинган бўлиб, уларнинг 2021–2025 йиллар давомидаги ишчи кучи таркиби, ёш ва лавозимлар бўйича тузилмаси, иш ҳақи сиёсати, бошқарув харажатлари ҳамда молиявий натижалари таҳлил қилинган. Тадқиқот жараёнида иқтисодий-статистик, қиёсий ва динамик таҳлил усулларидан фойдаланилган. Олинган натижалар ишчи кучи сони ва таркибидаги кескин ўзгаришлар, айниқса автоматлаштириш жараёнлари кучайган даврларда, корхоналарнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигига бевосита таъсир кўрсатишини кўрсатди
Ушбу мақолада инфратузилма ривожланишининг иқтисодий моҳияти илмий жиҳатдан таҳлил қилинган. Инфратузилманинг иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, иш ўринларини яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ва аҳоли турмуш сифатини оширишдаги роли очиб берилган. Халқаро тажрибалар таҳлили асосида инфратузилмани молиялаштиришнинг замонавий моделлари (давлат-хусусий шериклик, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, халқаро молиявий институтлар кредитлари) ҳамда уларнинг Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари кўрсатилган. Муаллиф инфратузилмани барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий стратегик омили сифатида баҳолайди.
Ушбу мақолада рақамли трансформация жараёнида корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишнинг назарий асослари таҳлил қилинган. Корпоратив бошқарув тушунчасига турли олимлар томонидан берилган таърифлар таққосланиб, унинг молиявий муносабатлар, стратегия ва назорат, ресурслардан самарали фойдаланиш, барқарор ривожланиш ҳамда рақамли иқтисодиётга мослашув каби жиҳатлари ёритилган. Шунингдек, корпоратив бошқарув самарадорлигини баҳолаш индекси (КБСИ) таклиф этилган бўлиб, у компанияларнинг рақамли иқтисодиёт талабларига мослашув даражасини аниқлашда ишончли назарий ва амалий восита сифатида тавсия этилган.
Ушбу тадқиқотнинг мақсади саноат корхоналарини рақамлаштириш шароитида инвестиция фаолияти методологиясини такомиллаштириш йўналишларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилишдан иборат. Мақолада “Ўзбекнефтгаз” АЖ мисолида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда Дьюпонт модели орқали компания ўз (акциядорлик) капиталининг рентабеллигини ошириш орқали инвестиция фаолиятини такомиллаштиришининг методологик асослари кўриб чиқилган.
Тадқиқотда қарз маблағларининг иқтисодий, ижтимоий ва институционал қайтишини баҳолаш зарурлиги таъкидланади. Хусусан, транспорт-логистика ва энергетика тармоқларига йўналтирилган сармоялар миллий иқтисодиётда синергетик самара яратгани, ичимлик суви, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилган маблағлар эса аҳоли турмуш даражаси ва инсон капиталига ижобий таъсир кўрсатгани кўрсатилади. Шу билан бирга, ташқи қарз маблағларидан самарали фойдаланишда тўлов қобилияти, институционал сифат, шаффофлик ва миллий стратегиялар билан уйғунлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади