Ushbu maqolada energetika sohasida raqamli transformatsiya jarayonlarining iqtisodiy mohiyati ilmiy-nazariy asosda yoritilgan hamda uning iqtisodiy samaradorligini baholash metodlari tahlil qilingan. Tadqiqotda raqamli transformatsiyaning energetika korxonalariga ta’siri, xususan, xarajatlarni kamaytirish, energiya yo‘qotishlarini qisqartirish, ishlab chiqarish samaradorligini oshirish va investitsiya jozibadorligini ta’minlashdagi o‘rni asoslab berilgan. Maqolada digitizatsiya, digitalizatsiya va raqamli transformatsiya tushunchalari o‘zaro solishtirilib, ularning iqtisodiy mazmuni ochib berilgan. Shuningdek, raqamli loyihalarning iqtisodiy natijalarini baholashda qo‘llaniladigan asosiy metodlar KPI tizimi, senariyli tahlil (Scenario analysis), xarajat–foyda tahlili (Cost–Benefit Analysis), investitsion tahlil (NPV, IRR, Payback Period) va integral baholash modeli mukammal yoritilgan.
Мақолада солиқ имтиёзларининг иқтисодий самараси KPI, шаффоф “солиқ-харажат” реестри ва комплекс инфратузилма пакетлари орқали ошиши, Ирландия, Малайзия, Қозоғистон, Бразилия ва Жанубий Африка тажрибалари асосида Ўзбекистон учун амалий йўл харитаси таклиф этилган.
Ўзбекистонда баҳолаш хизматлари бозори (БХБ)нинг ривожланишида мустақил (холис) рейтинг баҳолаш институтлари (РБИ)нинг ролини ошириш иқтисодий шаффофлик, инвестицияларни жалб этиш ва корхоналарнинг глобал рақобатбардошлиги учун асосий омилдир. Мақолада Ўзбекистон Республикасининг баҳолаш соҳасидаги қонунчилик ишлари, РБИларининг мустақиллигини таъминлашнинг долзарб муаммолари, халқаро стандартларга (RICS, REV) мослаштириш зарурлиги, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлигининг амалиётидаги баҳолаш тизимларининг натижадорлиги таҳлил қилинади. Янги баҳолаш мезонларининг жорий этилиши (KPI асосида) ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда рейтинг тизимининг аҳамияти назарда тутилади. Тадқиқот натижаларига кўра, мустақил баҳолашнинг самарадорлигини ошириш учун кадрлар тайёрлаш, электрон ахборот платформаларини (БФЯАП) ривожлантириш ва халқаро тажрибалардан фойдаланиш таклиф этилади.
Давлат буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган харид фаолияти самарадорлиги бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ва жамоат молияси тизими самарадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнлари жадаллашиб бораётган ҳамда институционал муҳит мураккаблашаётган шароитда харидларнинг самарадорлигини фақат молиявий натижалар асосида эмас, балки жараёнли, кадрлар ва стратегик жиҳатларни ҳам ҳисобга олган ҳолда комплекс баҳолаш зарурати ортиб бормоқда. Мазкур мақолада давлат буюртмачилари харид фаолияти самарадорлигини баҳолашга оид назарий ва методологик ёндашувлар кўриб чиқилган. Хорижий тадқиқотлар таҳлили асосида молиявий кўрсаткичлар билан чекланиб қолган ёндашувлардан иқтисодий, жараёнли, институционал ва меҳнат параметрларини ўзида мужассам этган кўп қиррали кўрсаткичлар тизимига ўтишнинг зарурлиги асослаб берилган. Харид бўлинмалари фаолиятидаги операцион харажатлар, ходимлар меҳнат унумдорлиги, етказиб берувчилар таркиби ва уларнинг концентрация даражасини тавсифловчи кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратилган. Таклиф этилган кўрсаткичлар тизими харид фаолияти самарадорлигини ошириш захираларини аниқлаш, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштириш, шунингдек харид жараёнларининг шаффофлиги ва бошқарувчанлигини кучайтириш имконини беради. Тадқиқот натижалари давлат буюртмачилари фаолиятида KPIларни шакллантириш, мониторинг механизмларини такомиллаштириш ҳамда давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишда қўлланилиши мумкин