Ушбу тадқиқотда Ўзбекистонда аёлларнинг рақамли трансформацияга мослашуви жараёни комплекс ўрганилган. Гендер рақамли тафовут индекси асосида мамлакатимизда хотин-қизларнинг рақамли технологиялардан фойдаланиш даражаси, уларнинг рақамли кўникмалари ва рақамли трансформацияга мослашув жараёнидаги асосий муаммолар таҳлил қилинган. Тадқиқот давомида статистик маълумотлар, қиёсий таҳлил, сегментлаш, хорижий мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилган. Гендер рақамли тафовут индексининг методологияси таҳлил қилинган ва хотин-қизларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражасини SPSS дастури ёрдамида баҳолаш амалга оширилган. Натижада аёлларнинг рақамли трансформацияга мослашувини тезлаштириш, рақамли кўникмаларини ошириш ва гендер рақамли тафовутни камайтириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
Мақолада анъанавий, инновацион ва креатив иқтисодий муносабатларнинг моҳияти ва амал қилиш механизмлари қиёсий таҳлил қилинган. Креатив иқтисодиётнинг ижодий фикр, интеллектуал мулк ва рақамли платформаларга таянадиган қиймат яратиш модели ёритилган. Инновацион иқтисодиётда технология ва илмий янгиликлар устуворлиги асосланган. Анъанавий иқтисодиётнинг моддий ресурсларга таянган тартиблари кўрсатилган. Таҳлил натижасида ушбу уч иқтисодий моделни ўзаро уйғун ривожлантириш миллий иқтисодиёт самарадорлигини ошириши қайд этилган
Мазкур тадқиқотда хизмат кўрсатиш соҳасида рақамли ва инновацион технологияларни жорий этишнинг иқтисодий самарадорликка таъсири таҳлил қилинган. Тадқиқот иқтисодий-статистик ва таққослама таҳлил усуллари асосида миллий ва халқаро маълумотлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилди. Таҳлил натижалари тарқамли технологиялар, хусусан сунъий интеллект, катта маълумотлар ва булутли технологияларни жорий этиш меҳнат унумдорлигини ошириш, транзакция харажатларини камайтириш ва хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилишини кўрсатди. Тадқиқот натижалари асосида хизматлар соҳасида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ушбу мақолада рақамли трансформация жараёнида корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишнинг назарий асослари таҳлил қилинган. Корпоратив бошқарув тушунчасига турли олимлар томонидан берилган таърифлар таққосланиб, унинг молиявий муносабатлар, стратегия ва назорат, ресурслардан самарали фойдаланиш, барқарор ривожланиш ҳамда рақамли иқтисодиётга мослашув каби жиҳатлари ёритилган. Шунингдек, корпоратив бошқарув самарадорлигини баҳолаш индекси (КБСИ) таклиф этилган бўлиб, у компанияларнинг рақамли иқтисодиёт талабларига мослашув даражасини аниқлашда ишончли назарий ва амалий восита сифатида тавсия этилган.
Ушбу мақола марказий банк рақамли валютасининг (CBDC) пул тизимининг ишлашига таъсирини ўрганувчи тадқиқотларни ҳар томонлама таҳлил қилади. Тадқиқотларнинг тизимли таҳлили ва синтези асосида пул тизимининг асосий элементларини, жумладан, пул агрегатлари, инфляция, фоиз ставкалари ва банк ликвидлигини қамраб олувчи рақамли валютанинг таъсир йўналишлари аниқланган. Тадқиқот натижалари рақамли валюталарни жорий этиш стратегияларини ишлаб чиқиш ва уларнинг макроиқтисодий барқарорликка потенциал таъсирини баҳолаш учун фойдали бўлиши мумкин.
Ушбу мақолада Ўзбекистон иқтисодиётида хизмат кўрсатиш соҳасининг стратегик ўрни таҳлил қилиниб, унинг ЯИМдаги ҳиссаси ва меҳнат бозорига таъсири очиб берилади. Тадқиқот натижаларига кўра, ушбу соҳада иш ўринлари яратиш имкониятлари аниқланиб, рақамли трансформация, гендер тенглиги ва ёшларни жалб этиш каби йўналишлар алоҳида таъкидланади. Мақолада иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги меҳнат трансформацияси, ўсиш динамикаси, меҳнат унумдорлиги, норасмий бандлик, инфратузилма ривожи ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинади. Халқаро илғор тажрибалар таҳлили асосида хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали бандликни оширишга қаратилган амалий таклифлар илгари сурилади.
Давлат бошқарувини рақамлаштириш иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва давлат органлари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни яхшилашнинг муҳим воситасига айланмоқда. Рақамли технологияларнинг ўсиши шароитида рақамлаштириш давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини оптималлаштириш, бизнесга маъмурий харажатларни камайтириш ва давлат молиявий назорати самарадорлигини ошириш имконини беради.
Иқтисодиётнинг рақамли трансформацияси шароитида франчайзинг масштабланадиган ва барқарор бизнес модели сифатида янги стратегик аҳамият касб этмоқда. Ушбу мақолада Франция, Италия ва Германия мисолида франчайзинг ривожланишининг қиёсий таҳлили келтирилган. Тадқиқот институционал ва ҳуқуқий асослар, иқтисодий кўрсаткичлар, рақамли етишганлик даражаси ҳамда бизнес-модельларнинг трансформациясига алоҳида эътибор қаратган. Хулосалар шуни кўрсатадики, рақамлилашув франчайзинг тармоқларининг самарадорлигини оширади, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни чуқурлаштиради ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлайди
Мақолада давлат харидларида рақамли технологияларни жорий этишнинг аҳамияти ва истиқболлари таҳлил қилинган. Замонавий рақамли ечимлар орқали харид жараёнларини шаффоф ва самарали қилиш, коррупция хавфини камайтириш, ҳамда иқтисодий самарадорликни ошириш имкониятлари кўриб чиқилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар таклиф қилинган.
Мазкур мақолада Ўзбекистонда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида яшил логистика концепциясини жорий этишнинг назарий‑методологик асослари таҳлил қилинди. Муаллифлар томонидан илгари сурилган «уч даражали» трансформация модели инфратузилма модернизацияси, операцион рақамлашув ва қиймат трансфери босқичларини қамраб олиб, яшил логистика амалиётини босқичма‑босқич татбиқ этишни таклиф этади.
Мазкур ишда ижодий иқтисодиёт (creative economy)нинг замонавий иқтисодий-ижтимоий жараёнлардаги ўрни ва аҳамияти таҳлил этилади. Унда ижодий соҳаларнинг – санъат, дизайн, реклама, ахборот технологиялари каби фаолият турларининг мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратишдаги аҳамияти асосланади. Муаллиф томонидан Ўзбекистон шароитига мос келувчи инновацион стратегик ёндашувлар илгари сурилган. Жумладан, ижодий кластерлар ва хаблар ташкил этиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш, рақамли платформалар ва стартап экотизимларини қўллаб-қувватлаш, креатив соҳалар учун махсус таълим дастурларини жорий қилиш каби чора-тадбирлар тавсия этилган.
Электрон тижорат миллий иқтисодиётнинг ривожланиш йўналишини ўзгартириб, аҳоли турмуш тарзига катта таъсир кўрсатди. Ушбу ўзгаришлар ижтимоий самарадорликни сезиларли даражада оширади. Улкан ахборот тизимига кириш имкониятининг кенгайиши, маълумотлар ҳажмининг кўпайиши ва уларни қайта ишлаш қобилиятининг яхшиланиши натижасида электрон тижорат макроиқтисодий ва микроиқтисодий муҳитга кучли таъсир кўрсатмоқда. Бу иқтисодий фаолиятдаги ноаниқликни камайтиради, ахборотдан ўз вақтида фойдаланишни таъминлайди, ахборотга эга бўлиш харажатларини пасайтиради, иқтисодий жараёнларнинг самарадорлигини оширади ва натижада бозор ресурсларини тақсимлаш механизмини янада самарали қилади. Тадқиқот натижаси шуни кўрсатадики келгусида рақамлаштириш Ўзбекистон иқтисодиётини самарадорликни ошириш орқали янада ўзгартиради ва иқтисодиёт етуклик босқичига етган сари кузатилаётган потенциал ўсишнинг пасайиш тенденциясини юмшатади, лекин тўлиқ тескари йўналишда ўзгартира олмайди. Ҳукумат рақамлаштиришнинг афзалликларини максимал даражада оширишда ва меҳнат бозори бузилиши, шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилиши, монополияларнинг пайдо бўлиши ва молиявий хавф-хатарлар каби муаммоларни минималлаштиришда муҳим роль ўйнаши керак.
Мақолада корхоналарда амалга ошириладиган капитал инвестицияларнинг амалдаги ҳолати, уларнинг ҳисобини юритишнинг амалий муаммолари, рақамли иқтисодиётни шакллантириш шароитида капитал инвестициялар ҳисобини халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш масалалари очиб берилган.
Мақолада рақамли иқтисодиёт шароитида қишлоқ ҳудудларида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг назарий-амалий асослари ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти тадқиқ этилган. Илмий-таҳлилий ёндашув асосида қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва хизмат кўрсатиш соҳаси орқали турмуш даражасини ошириш масалалари ёритилган. Давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, имтиёзли кредитлар ва оилавий тадбиркорлик дастурлари таҳлил қилиниб, уларнинг амалий самаралари кўрсатиб берилган. Шу асосда қишлоқ ҳудудларида тадбиркорлик муҳитини такомиллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва кичик бизнеснинг ЯИМдаги улушини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
Мазкур мақолада суғурта соҳасига рақамли ва молиявий технологияларни самарали қўллаш орқали суғурта компаниялари томонидан таклифларни шахсийлаштириш имкониятлари ўрганилган ва таҳлил қилинган.
Мақолада молиявий ҳисобдорлик ва шаффофликнинг институционал ўзига хосликлари назарий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этилган. Ўзбекистонда давлат молиясини бошқариш тизимини модернизация қилиш, бюджет жараёнларида очиқлик даражасини ошириш, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига босқичма-босқич ўтиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинган. Халқаро тажриба (Финляндия, Канада, Жанубий Корея, Австралия, Швеция) мисолида самарали молиявий ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминловчи омиллар реал вақтда маълумот тақдимоти, мустақил аудит институтлари ва рақамли технологиялардан фойдаланишнинг аҳамияти кўрсатиб берилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг PEFA ва Очиқ бюджет индекси кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўналишлари юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган. Тадқиқот натижаларига кўра, миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш, ахборотларни халқаро стандартлар асосида тақдим этиш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва рақамли технологияларни жорий этиш молиявий ҳисобдорлик ва шаффофликнинг институционал пойдеворини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мазкур мақолада маҳсулот ассортиментини стратегик жиҳатдан оптимизация қилиш орқали дистрибьютор компанияларнинг маркетинг самарадорлигини ошириш таҳлил қилинади. Анъанавий, интуитив асосдаги танловдан сунъий интеллект, POS маълумотлари ва прогностик таҳлилий воситалар билан қўллаб-қувватланган маълумотларга асосланган портфель бошқарувига ўтиш таъкидланади. Тадқиқот ассортиментнинг релевантлиги фойдалилик, чакана ҳамкорлар қониқиши ва бозор рақобатбардошлигига қандай таъсир кўрсатишини кўрсатади, бу хусусан Ўзбекистон каби ривожланаётган бозорлар учун муҳимдир. Дистрибьюторларни рақамли имкониятлар билан қўллаб-қувватланадиган ассортимент стратегияларини жорий қилишда қўлланиладиган босқичма-босқич амалга ошириш тузилмаси таклиф этилади, бу барқарор тижорий ўсишни таъминлайди.
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий иқтисодиётида хизматлар соҳасининг стратегик аҳамияти ва эволюцион ривожланиш траекторияси кўриб чиқилган. Хизмат кўрсатиш корхоналарининг ўзига хос хусусиятларини, жумладан, уларнинг мослашувчанлиги, паст капитал талаблари ва иш ўринлари яратиш ҳамда ижтимоий фаровонликдаги муҳим ролини белгилайди. Миқдорий маълумотларнинг кенг қамровли таҳлили соҳанинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)га қўшаётган ҳиссасининг ортиб бораётганлигини ва бандликдаги асосий ролини кўрсатган. Тадқиқот ривожланишнинг учта алоҳида босқичини кўрсатиб берган. Таҳлил соҳанинг Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда турмуш даражасини яхшилаш учун асосий драйвер сифатидаги доимий салоҳиятини таъкидлайди.
Мақолада Ўзбекистон миллий маҳсулотларини электрон тижорат орқали экспорт қилиш муаммолари алоҳида таҳлил этилган, соҳанинг мазмун-моҳияти, ривожланиш истиқболлари, ҳуқуқий асослари, электрон тижорат хизматлар соҳаси сафатида иқтисодиётимиздаги ўрни ва Ўзбекистонда миллий маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмини ошириш соҳасидаги муаммолар ва унинг ечими борасидаги таклифлар келтирилган.
Мазкур мақолада сунъий интеллектнинг (СИ) барқарор ривожланиш глобал кун тартибидаги геоиқтисодий аҳамияти ва технологик трансформациянинг миллий ҳамда минтақавий барқарорликка таъсири таҳлил қилинган. Тадқиқотда АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг СИни тартибга солиш сиёсати ўрганилган. Мақолада катта эътибор Ўзбекистоннинг СИни ривожлантириш стратегияси ҳамда 2025 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиёда барқарор ривожланиш учун СИ ролига доир резолюциясига қаратилган. Натижаларга кўра, устувор йўналишлар сифатида СИ иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, ресурслар самарадорлигини ошириш ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш белгиланган
Мазкур мақолада олий таълим муассасаларида тайёрланаётган менежерларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришда сунъий интеллект (AI), маълумотлар таҳлили (Data Science) ва лойиҳа бошқаруви (Project Management) интеграциясининг аҳамияти таҳлил қилинган. Замонавий рақобат шароитида менежерлардан стратегик фикрлаш, инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва тезкор қарор қабул қилиш кўникмалари талаб этилмоқда. Шу боис AI ва Data Science технологияларидан самарали фойдаланиш орқали маълумотларга асосланган бошқарув қарорлари қабул қилиш имкониятлари очилади, Project Management усуллари эса лойиҳаларни самарали ташкил этиш ва жамоавий ишни мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Ушбу йўналишларнинг ўзаро уйғунлиги менежер кадрларнинг рақамли иқтисодиёт шароитида касбий компетенцияларини ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эгалиги асослаб берилган
Мақолада турли молия-иқтисодий тизимларнинг ўзаро интеграциясига оид назарий ва амалий асослар таҳлил қилинган. Асосий эътибор тизимли ёндашув ва “Safety Cube Theory” асосида иқтисодий тизимлар, инсон ва муҳит ўртасидаги ўзаро боғлиқликка қаратилган. Тадқиқотда капиталистик, исломий, марказлашган, рақамли ва инклюзив иқтисодий моделлар таҳлил қилиниб, уларни биргаликда барқарор ривожлантиришнинг асосий тамойиллари илгари сурилган
В данной статье анализируется развитие страховых продуктов как в традиционных, так и в цифровых направлениях. Рассматриваются такие традиционные продукты, как ОСАГО, каско, ДМС и страхование жизни, а также новые страховые продукты, созданные с использованием иншуртеха, микрострахования, блокчейна и искусственного интеллекта. В статье проводится широкий анализ последних инноваций в страховой отрасли и их воздействия на потребителей.
Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикасида тижорат банклари активлари ҳажмини оширишнинг муаммолари ҳамда уни бартараф этиш орқали миллий иқтисодиётимизда тижорат банкларининг фаолиятини жадаллаштириш йўллари юзасидан фикр-мулоҳазалар баён этилган. Хусусан, молиявий секторни изчил ислоҳ қилиш давомида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва натижада илғор банк бизнесини юритиш ҳамда ушбу секторда рақобат муҳитини кучайтириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда банк активлари ҳажмини оширишнинг истиқболларидаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича муаллиф ёндашувлари ва таклифлари келтирилган.