Давлат буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган харид фаолияти самарадорлиги бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ва жамоат молияси тизими самарадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнлари жадаллашиб бораётган ҳамда институционал муҳит мураккаблашаётган шароитда харидларнинг самарадорлигини фақат молиявий натижалар асосида эмас, балки жараёнли, кадрлар ва стратегик жиҳатларни ҳам ҳисобга олган ҳолда комплекс баҳолаш зарурати ортиб бормоқда. Мазкур мақолада давлат буюртмачилари харид фаолияти самарадорлигини баҳолашга оид назарий ва методологик ёндашувлар кўриб чиқилган. Хорижий тадқиқотлар таҳлили асосида молиявий кўрсаткичлар билан чекланиб қолган ёндашувлардан иқтисодий, жараёнли, институционал ва меҳнат параметрларини ўзида мужассам этган кўп қиррали кўрсаткичлар тизимига ўтишнинг зарурлиги асослаб берилган. Харид бўлинмалари фаолиятидаги операцион харажатлар, ходимлар меҳнат унумдорлиги, етказиб берувчилар таркиби ва уларнинг концентрация даражасини тавсифловчи кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратилган. Таклиф этилган кўрсаткичлар тизими харид фаолияти самарадорлигини ошириш захираларини аниқлаш, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштириш, шунингдек харид жараёнларининг шаффофлиги ва бошқарувчанлигини кучайтириш имконини беради. Тадқиқот натижалари давлат буюртмачилари фаолиятида KPIларни шакллантириш, мониторинг механизмларини такомиллаштириш ҳамда давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишда қўлланилиши мумкин
Ушбу мақолада Ўзбекистон иқтисодиётида хизмат кўрсатиш соҳасининг стратегик ўрни таҳлил қилиниб, унинг ЯИМдаги ҳиссаси ва меҳнат бозорига таъсири очиб берилади. Тадқиқот натижаларига кўра, ушбу соҳада иш ўринлари яратиш имкониятлари аниқланиб, рақамли трансформация, гендер тенглиги ва ёшларни жалб этиш каби йўналишлар алоҳида таъкидланади. Мақолада иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги меҳнат трансформацияси, ўсиш динамикаси, меҳнат унумдорлиги, норасмий бандлик, инфратузилма ривожи ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинади. Халқаро илғор тажрибалар таҳлили асосида хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали бандликни оширишга қаратилган амалий таклифлар илгари сурилади.
Мақолада илмий мактаблар, иқтисодий ривожланишга оид турли назарий қарашлар ва уларнинг иқтисодий ўсишга таъсири чуқур таҳлил қилинган. Хусусан, классик, неоклассик ва замонавий эндоген ўсиш назариялари доирасида иқтисодий ўсиш манбалари, капитал жамғарилиши, меҳнат унумдорлиги, инновациялар ҳамда инсон капитали ривожланишининг роли асослаб берилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон шароитида иқтисодий ўсишни таъминловчи асосий омиллар саноатлашув даражасининг ошиши, инвестиция муҳитини яхшилаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари таҳлил этилган. Тадқиқотда иқтисодий ўсишни баҳолашда қўлланиладиган макроиқтисодий моделлар, жумладан, ЯИМ динамикасига таъсир этувчи ишлаб чиқариш функциялари ва омиллар модели орқали 2026–2030 йиллар учун прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган мақсад ва вазифалар аҳоли фаровонлигини ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини кўпайтириш ҳамда минтақаларни мутаносиб ривожлантириш йўналишлари илмий жиҳатдан асослаб берилган
Мазкур мақолада ўйинчоқ ишлаб чиқариш корхоналарида ташкилий-иқтисодий самарадорликни баҳолаш ҳамда кадрлар сиёсати самарадорлигини таҳлил қилиш масалалари ўрганилган. Тадқиқот объекти сифатида “Green Line Toys” МЧЖ ва “Toys City” МЧЖ корхоналари фаолияти танлаб олинган бўлиб, уларнинг 2021–2025 йиллар давомидаги ишчи кучи таркиби, ёш ва лавозимлар бўйича тузилмаси, иш ҳақи сиёсати, бошқарув харажатлари ҳамда молиявий натижалари таҳлил қилинган. Тадқиқот жараёнида иқтисодий-статистик, қиёсий ва динамик таҳлил усулларидан фойдаланилган. Олинган натижалар ишчи кучи сони ва таркибидаги кескин ўзгаришлар, айниқса автоматлаштириш жараёнлари кучайган даврларда, корхоналарнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигига бевосита таъсир кўрсатишини кўрсатди