Ушбу мақолада Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимининг шаклланиш босқичи, унинг миллий хусусиятлари ва халқаро моделлар билан ўзаро муносабати таҳлил қилинган. Мамлакатимизда корпоратив бошқарув амалиёти бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида шаклланаётганлиги, қонунчилик базасининг етарли даражада такомиллашмагани, корпоратив маданият ва хулқ-атвор анъаналарининг ҳали ривожланиш босқичида эканлиги алоҳида таъкидланган. Мақолада корпоратив бошқарувнинг англо-саксон ва Континентал Европа (Германия) моделлари, шунингдек, Япония, Исломий ва бошқа альтернатив ёндашувлар мисолида корпоратив бошқарув тизимларининг асосий тамойиллари, тузилмалари, афзаллик ва камчиликлари солиштирма таҳлил қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда шаклланаётган корпоратив бошқарув моделидаги ўзига хосликлар икки поғонали кенгаш амалиёти, банклар ролининг устуворлиги, "олтин акция" амалиёти каби жиҳатлар ёритилган. Мақолада корпоратив бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, халқаро стандартлар ва миллий амалиётни уйғунлаштириш, корпоратив маданиятни шакллантириш ҳамда корпоратив хулқ-атвор кодекси қабул қилиш зарурати бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган. Шунингдек, муаллиф корпоратив бошқарув тизимларининг конвергенция тенденцияларини кўрсатиб, Ўзбекистон учун самарали ва рақобатбардош миллий моделни шакллантиришнинг долзарб масала эканлигини асослаб беради
Мақолада компанияларнинг стратегик мақсадларига эришиши мақсадида ички аудитнинг самарадорлиги ўрганилган, ички аудитнинг корпоратив бошқарув тизимидаги ўрни таҳлил қилинган, унинг функциялари ва бошқарув жараёнларига таъсири илмий жиҳатдан очиб берилган, ички аудитни ривожлантиришнинг ҳозирги тенденциялари ва муаммолари кўриб чиқилган.
Мақолада консолидациялашган молиявий ҳисоботларни (кейинги ўринларда – КМҲ) Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда – МҲХС) талаблари асосида тайёрлаш жараёнида учрайдиган муаммолар институционал, методик ва ташкилий жиҳатдан таҳлил қилинган. Тадқиқотда КМҲ, алоҳида корхоналар ҳисоботини моддама-модда жамлаш амалиётидан кўра кенгроқ тизим сифатида талқин қилиниб, гуруҳ даражасидаги иқтисодий муносабатлар, консолидациялашган корхоналар устидан назоратни амалга ошириш механизми, консолидациялаш учун зарур ахборот тизими ва интеграциялашган ҳисоб сиёсатини ташкил этиш масалалари ўрганилди. Мақолада Ўзбекистон шароитида консолидациялаш жараёнида учрайдиган асосий амалий муаммолар, яъни назоратни баҳолашдаги формал ёндошувлар, ягона гуруҳ ҳисоб сиёсатини қўллаш ва гуруҳ ичидаги операцияларни ўзаро бартараф этиш (элиминация) билан боғлиқ муаммолар, саёз маълумотлар базаси ва кадрлар салоҳиятининг етарли эмаслиги каби омиллар ўрганиб чиқилган. Мазкур муаммолар бешта асосий гуруҳ (меъёрий-институционал, ташкилий-бошқарув, методик, техник ва кадрлар)га ажратилди, ва уларнинг таҳлили натижасида муаллиф томонидан диагностика модели таклиф этилди. Шунингдек, консолидациялаш периметрини аниқлаш, гуруҳ ҳисоб сиёсатини стандартлаштириш, маълумотлар базасини модернизация қилиш ва инсон капитали салоҳиятини ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тайёрлашни такомиллаштириш, корпоратив бошқарув шаффофлигини ошириш ва ҳисобот тузувчи корпоратив гуруҳларни халқаро молиявий бозоргага интеграциялашув жараёнини чуқурлашишига хизмат қилади