Ушбу мақолада инвестициявий кўчмас мулкларни бошланғич ва адолатли қийматда баҳолашнинг хусусиятлари ва фарқли жиҳатлари, ўз эҳтиёжларида фойдаланилаётган кўчмас мулкларни инвестициявий кўчмас мулк таркибига ўтказиш ёки унинг таркибидан чиқариш ҳолатлари баён қилинган. Шунингдек, мақолада инвестициявий кўчмас мулкнинг фойдаланиш усули ўзгарган тақдирда таркибидаги ўзгаришлар, унинг фойда ва зарарларига таъсири ўрганилган. Ўз эҳтиёжларида фойдаланилаётган, захиралардаги кўчмас мулклар таркибидан инвестициявий кўчмас мулк таркибига ўтказилган ҳамда инвестициявий кўчмас мулкни бошқа категориядаги мулкка ўтказиш жараёнларини бухгалтерия ҳисоби счётларида акс эттириш, уларнинг асосий бухгалтерия ёзувлари ишланмалари корхоналар амалий мисолларида келтирилган. Бундан ташқари мақолада ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган инвестициявий кўчмас мулкларнинг адолатли қиймати ва баланс қиймати ўртасидаги фарқ суммаларини ҳисобларда акс эттириш тартиби келтирилган. Ушбу жараёнларни халқаро стандартларга мувофиқ ҳисобга олиш мақсадида бухгалтерия счётларини очиш ва уларни қўллаш тартиблари келтирилган.
Ушбу мақолада Ўзбекистонда хусусий мулкчиликнинг миллий иқтисодиётни ривожланишдаги ўрни, хусусий сектор субъектлари фаолиятининг холати баҳоланган, ривожланиш тенденциялари ва уларнинг инвестицион фаоллиги қиёсий таҳлил қилинган. Мақолада мамлакатда давлат мулкини хусусийлаштириш тамойиллари, хусусиятлари, амалга ошириш босқичлари, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларнинг мазмуни, таркиби, такомиллаштириш йўналишлари тадқиқ этилган. Хусусий мулкчиликни ривожланиш омиллари, таркиби, ривожланиш истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рақамлаштиришни миллий иқтисодиётнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлашга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Ушбу мақолада Ўзбекистонда инвестицион муҳитни тубдан яхшилашнинг асосий йўналишлари таҳлил қилинган. Хусусан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва барқарорлаштириш, инвесторларнинг мулк ҳуқуқини ишончли кафолатлаш, коррупсияга қарши курашиш, маъмурий тўсиқларни камайтириш каби омиллар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланади. Солиқ ва божхона соҳасидаги рағбатлар, давлат-хусусий шериклиги (ДХШ) ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, малакали кадрлар тайёрлаш, рақамли трансформация ва халқаро савдо ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Мазкур йўналишларда тизимли ва изчил чоралар амалга оширилиши Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини кучайтириш, чет эл ва маҳаллий инвесторлар ишончини орттириш, иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигига эришишнинг муҳим шартларидан бири экани алоҳида қайд этилади.