Мақолада солиқ солиш жараёнида кўчмас мулкни баҳолашнинг асосий ўрни кўриб чиқилади. Солиқларни ҳисоблаш учун асос бўлган кўчмас мулк объектлари қийматини аниқлашда қўлланиладиган усул ва ёндашувлар батафсил таҳлил қилинган. Индивидуал ва оммавий баҳолаш ўртасидаги фарқлар, уларнинг ахборот ҳажми ва сифатига боғлиқ ҳолда қўлланилиши, шунингдек, ушбу ёндашувларнинг солиқ мажбуриятларининг аниқлигига таъсири муҳокама қилинади.
Шунингдек, мақолада баҳолаш усуллари ва қўллаш билан боғлиқ муаммо ҳамда қарашлар ўрганилиб, солиқ тизимининг адолатлилиги ва самарадорлигини таъминлаш учун ишончли, долзарб маълумотларнинг муҳимлиги таъкидланган. Солиқ тизимини молиялаштириш ва бу жараёнда маҳаллий бюджетларнинг ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадқиқот кўчмас мулкни баҳолаш ва солиқни тартибга солиш ўртасидаги ўзаро боғлиқликни такомиллаштиришга, шунингдек, уларнинг шаффофлиги ва адолатлилигини ошириш учун жараёнларни оптималлаштиришнинг мумкин бўлган йўлларини аниқлашга қаратилган.
Мақолада кўчмас мулк солиғи базаси ва ставкаси билан боғлиқ асосий сиёсий қарорлар, ҳамда, солиқ маъмуриятчилигидаги муҳим функциялар – баҳолаш, ҳисоб-китоб қилиш ва ундирув жараёнлари кўриб чиқилган. Шунингдек, анъанавий кўчмас мулк солиғи (бинолар ва ер участкаларининг баҳоланган қиймати учун йиллик тўланадиган солиқ) ва кўчмас мулк битими бўйича транзакция солиқлари (кўчмас мулк эгалигининг ўзгариши билан солиқ ёки давлат божи (герб тўлови) сифатида ундирилади) турларини ислоҳ қилишга эътибор қаратган ҳолда кўчмас мулк солиғи ислоҳотларини муваффақиятли амалга ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги бўйича таклиф ва тавсиялар келтирилган. Илмий адабиётларни таҳлил қилиш ҳамда халқаро тажрибага асосланган ҳолда берилган таклифлар асосида Ўзбекистонда кўчмас мулк солиқларини ислоҳ қилишнинг амалий жиҳатлари бўйича батафсил тавсиялар берилган.