Ушбу мақолада инвестициявий кўчмас мулкларни бошланғич ва адолатли қийматда баҳолашнинг хусусиятлари ва фарқли жиҳатлари, ўз эҳтиёжларида фойдаланилаётган кўчмас мулкларни инвестициявий кўчмас мулк таркибига ўтказиш ёки унинг таркибидан чиқариш ҳолатлари баён қилинган. Шунингдек, мақолада инвестициявий кўчмас мулкнинг фойдаланиш усули ўзгарган тақдирда таркибидаги ўзгаришлар, унинг фойда ва зарарларига таъсири ўрганилган. Ўз эҳтиёжларида фойдаланилаётган, захиралардаги кўчмас мулклар таркибидан инвестициявий кўчмас мулк таркибига ўтказилган ҳамда инвестициявий кўчмас мулкни бошқа категориядаги мулкка ўтказиш жараёнларини бухгалтерия ҳисоби счётларида акс эттириш, уларнинг асосий бухгалтерия ёзувлари ишланмалари корхоналар амалий мисолларида келтирилган. Бундан ташқари мақолада ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган инвестициявий кўчмас мулкларнинг адолатли қиймати ва баланс қиймати ўртасидаги фарқ суммаларини ҳисобларда акс эттириш тартиби келтирилган. Ушбу жараёнларни халқаро стандартларга мувофиқ ҳисобга олиш мақсадида бухгалтерия счётларини очиш ва уларни қўллаш тартиблари келтирилган.
Мақолада кўчмас мулк солиғи базаси ва ставкаси билан боғлиқ асосий сиёсий қарорлар, ҳамда, солиқ маъмуриятчилигидаги муҳим функциялар – баҳолаш, ҳисоб-китоб қилиш ва ундирув жараёнлари кўриб чиқилган. Шунингдек, анъанавий кўчмас мулк солиғи (бинолар ва ер участкаларининг баҳоланган қиймати учун йиллик тўланадиган солиқ) ва кўчмас мулк битими бўйича транзакция солиқлари (кўчмас мулк эгалигининг ўзгариши билан солиқ ёки давлат божи (герб тўлови) сифатида ундирилади) турларини ислоҳ қилишга эътибор қаратган ҳолда кўчмас мулк солиғи ислоҳотларини муваффақиятли амалга ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги бўйича таклиф ва тавсиялар келтирилган. Илмий адабиётларни таҳлил қилиш ҳамда халқаро тажрибага асосланган ҳолда берилган таклифлар асосида Ўзбекистонда кўчмас мулк солиқларини ислоҳ қилишнинг амалий жиҳатлари бўйича батафсил тавсиялар берилган.
Мақолада солиқ солиш жараёнида кўчмас мулкни баҳолашнинг асосий ўрни кўриб чиқилади. Солиқларни ҳисоблаш учун асос бўлган кўчмас мулк объектлари қийматини аниқлашда қўлланиладиган усул ва ёндашувлар батафсил таҳлил қилинган. Индивидуал ва оммавий баҳолаш ўртасидаги фарқлар, уларнинг ахборот ҳажми ва сифатига боғлиқ ҳолда қўлланилиши, шунингдек, ушбу ёндашувларнинг солиқ мажбуриятларининг аниқлигига таъсири муҳокама қилинади.
Шунингдек, мақолада баҳолаш усуллари ва қўллаш билан боғлиқ муаммо ҳамда қарашлар ўрганилиб, солиқ тизимининг адолатлилиги ва самарадорлигини таъминлаш учун ишончли, долзарб маълумотларнинг муҳимлиги таъкидланган. Солиқ тизимини молиялаштириш ва бу жараёнда маҳаллий бюджетларнинг ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадқиқот кўчмас мулкни баҳолаш ва солиқни тартибга солиш ўртасидаги ўзаро боғлиқликни такомиллаштиришга, шунингдек, уларнинг шаффофлиги ва адолатлилигини ошириш учун жараёнларни оптималлаштиришнинг мумкин бўлган йўлларини аниқлашга қаратилган.
Бугунги кунда давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори ва топшириқларига асосан давлат активларини сотиш учун халқаро ҳамда маҳаллий маслаҳатчини ёки ташкилотларни жалб этиш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида охирги уч йилда устав фондида давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари ва кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилди. Шуни инобатга олган ҳолда ушбу мақолада акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб этиш жадвалларини бажарилишининг бориши юзасидан доимий назорат ўрнатиш ҳамда давлат мулки объектларини хусусийлаштириш жараёнларини очиқ ва ошкоралик, қонунийлик принциплари асосида амалга ошириш, харидорларнинг оммавий савдоларда иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича муаллиф ёндашувлари ва таклифлари ўрганилган.
Мазкур мақолада мол-мулк солиқ тизими, унинг объекти ва базасининг назарий-методологик жиҳатлари ўрганилган бўлиб, ривожланган мамлакатлар ва мамлакатимизда мол-мулк солиғининг муҳим жиҳатлари ва ўзига хос хусусиятлари ёритиб берилган. Шунингдек, мамлакатимизда мол-мулк солиғининг ундирувчанлигини ошириш ҳамда мол-мулк солиғи объекти, базаси ва мол-мулк солиғи механизмининг оптималлаштириш йўналишлари келтириб ўтилган.
Мақолада иқтисодиётда солиқ юки кўрсаткичининг аҳамияти, уни белгилаш муаммолари, иқтисодиётда солиқ юкининг оптимал даражаларини белгилаш бўйича маҳаллий ва хорижий олимларнинг турли қаршлари назарий жиҳатдан ўрганилган ҳамда илмий хулоса ва таклифлар шакллантирилган, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларда солиқ юкини ҳисоблаш йўналишлари назарда тутилган.
Мазкур мақолада республикамизда сўнгги йилларда мамлакатда маркшейдерлик ишларини ташкил этган ҳолда солиқ базасини кенгайтириш масалалари, уларни аниқлаш механизмларини такомиллаштиришдан самарали фойдаланиш масалалари ҳамда солиқ идоралари томонидан солиқ маъмурчилиги инструментларидан фойдаланиш орқали ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемаларини ўз вақтида ошкор қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш, солиқ маъмурчилигининг янада оптималлаштириш, қонун ҳужжатларидаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш бўйича илмий-амалий хулоса ва таклифлар ишлаб чиқилган
Мақолада мулкий солиққа тортишнинг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирини моделлаштириш масалалари тадқиқ этилган. Мулкий солиқларни моделлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари, солиқ салоҳиятини баҳолаш усуллари ва уларнинг афзалликлари ҳамда камчиликлари таҳлил қилинган. Мулкий солиқларнинг ролини кўриб чиқиш бўйича хорижий тажриба ўрганилган ва уч гуруҳга бўлинган ёндашувлар тизимлаштирилган. Мулкий солиқнинг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсири бўйича тадқиқотлар натижалари асосида таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
Мақолада жисмоний шахслар учун солиқ солинадиган базани белгилашдаги услубий муаммоларни кўриб чиқилади. Ҳуқуқий базаларни, даромадларни таснифлаш, чегирмалар ва риоя қилишни таҳлил қилиб, солиқ органлари дуч келадиган мураккабликларни ўрганади. Халқаро стандартларнинг қиёсий таҳлили ва келажакдаги тенденцияларга назар ташлаш сиёсатчилар ва солиқ мутахассислари учун қимматли тушунчаларни беради. Ушбу муаммоларни тушуниш адолатли ва самарали индивидуал солиқ тизимини ривожлантириш доирасида иқтисодчи олимларнинг тадқиқотлари ўрганилиб, хулоса ва таклифлар шакллантирилди.