Глобаллашув ва рақамли иқтисодиёт шароитида молиявий қарорларнинг мураккаблашуви аҳолидан юқори даражадаги молиявий билим ва кўникмаларни талаб этмоқда. Жаҳон тажрибасида молиявий саводхонлик шахсий фаровонлик, молиявий барқарорлик ва миллий иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсишини таъминловчи муҳим омил сифатида қаралади. Хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан молиявий саводхонлик “шахснинг молиявий қарорлар қабул қилиш жараёнида билим, кўникма ва муносабатлар мажмуаси” сифатида таърифланади.
Жаҳон иқтисодиётида содир бўлган турли иқтисодий инқирозлар, жумладан, «Covid-19» пандемияси шароитида дунё ҳамжамиятининг олдида аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирларга устуворлик қаратилди. Халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан амалга оширилган тадқиқотлар натижаларига кўра, «дунёда, шу жумладан, G20 гуруҳига аъзо мамлакатлар аҳолисининг аксарияти асосий молиявий маҳсулотлар ва ушбу маҳсулотлар билан боғлиқ рискларни тушуниш юзасидан етарли билимга эга эмаслиги аниқланди». Шунингдек, «Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотига аъзо мамлакатлар аҳолисининг 56,8 фоизи молиявий саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровномаларда минимал балл тўплаган». Халқаро экспертларнинг фикрича, бугунги кунда аҳолининг молиявий саводхонлиги даражасини ошириш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини таъминлаш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.