“Яшил” сукук шариат нормаларига мос келадиган, активларнинг муайян мажмуаси билан таъминланган, “яшил” инфратузилмани молиялаштиришга қаратилган ва қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқаришни, чиқиндиларни бошқаришни, барқарор қишлоқ хўжалигини яратишни, энергия тежайдиган бинолар қуришни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни қўллаб қувватловчи қимматли қоғозлар сифатида кўрилади.
Мазкур монография молия ресурсларини жалб қилишни фаоллаш-тиришда сукукларнинг назарий асослари, жаҳон амалиётида сукук тизими ва унинг салоҳиятини ошириш масалалари, ҳамда рақамли иқтисодиёт шароитида Ўзбекистон фонд бозорини ривожлантириш истиқболлари юзасидан илмий-амалий таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишга бағишланган. Монография молия тизими мутахассислари, жумладан, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, шунингдек, суғурта компаниялари, тижорат банклари, ҳамда шу соҳада ишлаётган ИТМ ходимлари, профессор-ўқитувчи, тадқиқотчи ва талабаларга тавсия этилади.
Мазкур тадқиқот ишида Ўзбекистонда альтернатив молия экотизимини, хусусан, ислом молияси, краудфандинг ва "яшил" молиялаштириш воситаларини жорий этишнинг зарурати, мавжуд муаммолари ва истиқболлари тадқиқ этилган. Мамлакат молия бозорида муқобил молиялаштиришга бўлган юқори ички талабни қондиришга тўсқинлик қилаётган асосий ҳуқуқий ва инфратузилмавий тўсиқлар — икки томонлама солиққа тортиш хавфи, банкларга савдо фаолиятининг тақиқлангани, омонатларни кафолатлашнинг муқобил тизими ҳамда марказлашган назорат кенгашининг йўқлиги чуқур таҳлил қилинган. Ушбу бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Малайзия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ давлатларининг илғор тажрибаси ўрганилган. Тадқиқот натижасида миллий қонунчиликда "солиқ бетарафлиги"ни таъминлаш, Марказий банк ҳузурида Мувофиқлик кенгашини тузиш, тижорат банкларида махсус "дарчалар" очишга рухсат бериш ва давлат "Яшил Сукук" облигацияларини синов тариқасида чиқариш бўйича илмий асосланган амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилган.