Мазкур тадқиқот ишида Ўзбекистонда альтернатив молия экотизимини, хусусан, ислом молияси, краудфандинг ва "яшил" молиялаштириш воситаларини жорий этишнинг зарурати, мавжуд муаммолари ва истиқболлари тадқиқ этилган. Мамлакат молия бозорида муқобил молиялаштиришга бўлган юқори ички талабни қондиришга тўсқинлик қилаётган асосий ҳуқуқий ва инфратузилмавий тўсиқлар — икки томонлама солиққа тортиш хавфи, банкларга савдо фаолиятининг тақиқлангани, омонатларни кафолатлашнинг муқобил тизими ҳамда марказлашган назорат кенгашининг йўқлиги чуқур таҳлил қилинган. Ушбу бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Малайзия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ давлатларининг илғор тажрибаси ўрганилган. Тадқиқот натижасида миллий қонунчиликда "солиқ бетарафлиги"ни таъминлаш, Марказий банк ҳузурида Мувофиқлик кенгашини тузиш, тижорат банкларида махсус "дарчалар" очишга рухсат бериш ва давлат "Яшил Сукук" облигацияларини синов тариқасида чиқариш бўйича илмий асосланган амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилган.
Сўнги йилларда Ўзбекиcтонда олий таълим соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш, нодавлат олий таълим муассасаларининг тармоқдаги ўрнини ошириш орқали мамлакатда мутахассислар тайёрлаш молиявий юкини қайта тақсимлаш сиёсати ва олий таълим муассасалари ҳамда талабаларга нисбатан солиқ ва молиявий кўмак дастурларининг изчил ислоҳ қилиниши каби ҳолатлар фикримизни тасдиқлайди. Мамлакатимизда олий таълим соҳасини ривожлантириш, унинг рақобатбардошлигини таъминлаш ва олий таълимга бўлган талабни самарали қондириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда олий таълимни тўғри ва самарали молиялаштириш, жараён иштирокчиларининг манфаатларини тўлиқ ифодалайдиган тизимни шакллантириш ҳамда олий таълим муассасаларининг барқарор молиявий ва иқтисодий фаолиятини таъминловчи механизмларни жорий этиш долзарб масала ҳисобланади.