Ўзбекистонда баҳолаш хизматлари бозори (БХБ)нинг ривожланишида мустақил (холис) рейтинг баҳолаш институтлари (РБИ)нинг ролини ошириш иқтисодий шаффофлик, инвестицияларни жалб этиш ва корхоналарнинг глобал рақобатбардошлиги учун асосий омилдир. Мақолада Ўзбекистон Республикасининг баҳолаш соҳасидаги қонунчилик ишлари, РБИларининг мустақиллигини таъминлашнинг долзарб муаммолари, халқаро стандартларга (RICS, REV) мослаштириш зарурлиги, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлигининг амалиётидаги баҳолаш тизимларининг натижадорлиги таҳлил қилинади. Янги баҳолаш мезонларининг жорий этилиши (KPI асосида) ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда рейтинг тизимининг аҳамияти назарда тутилади. Тадқиқот натижаларига кўра, мустақил баҳолашнинг самарадорлигини ошириш учун кадрлар тайёрлаш, электрон ахборот платформаларини (БФЯАП) ривожлантириш ва халқаро тажрибалардан фойдаланиш таклиф этилади.
Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикасида товарларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этишнинг ҳуқуқий асослари таҳлил қилинган. Президент фармонлари ҳамда қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида мазкур тизимнинг ҳуқуқий меъёрлари ва амалий механизмлари кўриб чиқилган. Шунингдек, рақамли маркировка қонунчилигининг амалдаги ҳолати, назорат ва жавобгарлик тизимининг самарадорлиги ҳамда уни такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилган. Таҳлил натижалари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва яширин иқтисодиётга қарши курашишда рақамли маркировканинг ўрни муҳимлигини кўрсатади
Ушбу мақолада Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимининг шаклланиш босқичи, унинг миллий хусусиятлари ва халқаро моделлар билан ўзаро муносабати таҳлил қилинган. Мамлакатимизда корпоратив бошқарув амалиёти бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида шаклланаётганлиги, қонунчилик базасининг етарли даражада такомиллашмагани, корпоратив маданият ва хулқ-атвор анъаналарининг ҳали ривожланиш босқичида эканлиги алоҳида таъкидланган. Мақолада корпоратив бошқарувнинг англо-саксон ва Континентал Европа (Германия) моделлари, шунингдек, Япония, Исломий ва бошқа альтернатив ёндашувлар мисолида корпоратив бошқарув тизимларининг асосий тамойиллари, тузилмалари, афзаллик ва камчиликлари солиштирма таҳлил қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда шаклланаётган корпоратив бошқарув моделидаги ўзига хосликлар икки поғонали кенгаш амалиёти, банклар ролининг устуворлиги, "олтин акция" амалиёти каби жиҳатлар ёритилган. Мақолада корпоратив бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, халқаро стандартлар ва миллий амалиётни уйғунлаштириш, корпоратив маданиятни шакллантириш ҳамда корпоратив хулқ-атвор кодекси қабул қилиш зарурати бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган. Шунингдек, муаллиф корпоратив бошқарув тизимларининг конвергенция тенденцияларини кўрсатиб, Ўзбекистон учун самарали ва рақобатбардош миллий моделни шакллантиришнинг долзарб масала эканлигини асослаб беради
Мақолада инновацион лойиҳаларни венчур фондлари орқали молиялаштириш методологиясини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинади. АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларининг тажрибаси асосида венчур молиялаштиришнинг асосий механизмлари, сармоядорларни жалб қилиш усуллари ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ўрганилади. Шунингдек, Ўзбекистонда венчур молиялаштириш тизимини ривожлантириш учун зарур бўлган институционал ўзгаришлар, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва хусусий-давлат ҳамкорлигини кенгайтириш йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Тадқиқот натижалари Ўзбекистондаги инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва венчур сармояларини жалб қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган.