Мақолада Ўзбекистонда фаолият юритаётган иқтисодий ночор корхоналар муаммолари, уларнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини тиклаш масалалари комплекс ёндашув асосида ёритилган. Тадқиқот давомида корхоналарнинг молиявий аҳволини баҳолашда халқаро тажрибалар (ЕИ, АҚШ, Жанубий Корея) ва маҳаллий ёндашувлар солиштирилиб, миллий тизимда мавжуд камчиликлар аниқланади. Шунингдек, мақолада давлат дастурлари орқали имтиёзли молиялаштиришдан фойдаланаётган корхоналар таҳлили келтирилиб, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва инновацион тармоқларда ажратилган маблағлар миқдори ва мақсадлари кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, молиявий ҳолатни баҳолашда қўлланилаётган асосий механизмлар – тўловга қобилиятни таҳлил қилиш, қарздорлик коеффициенти, санаация режаси, муҳандислик-иқтисодий экспертиза ва иқтисодий судлар қарорлари – уларнинг афзалликлари ва камчиликлари билан бирга таҳлил қилинади. Бу услубларнинг такомиллашуви рақамли платформалар, автоматлаштириш, халқаро баҳолаш стандартларини жорий этиш заруратини юзага чиқаради.
Мақолада консолидациялашган молиявий ҳисоботларни (кейинги ўринларда – КМҲ) Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда – МҲХС) талаблари асосида тайёрлаш жараёнида учрайдиган муаммолар институционал, методик ва ташкилий жиҳатдан таҳлил қилинган. Тадқиқотда КМҲ, алоҳида корхоналар ҳисоботини моддама-модда жамлаш амалиётидан кўра кенгроқ тизим сифатида талқин қилиниб, гуруҳ даражасидаги иқтисодий муносабатлар, консолидациялашган корхоналар устидан назоратни амалга ошириш механизми, консолидациялаш учун зарур ахборот тизими ва интеграциялашган ҳисоб сиёсатини ташкил этиш масалалари ўрганилди. Мақолада Ўзбекистон шароитида консолидациялаш жараёнида учрайдиган асосий амалий муаммолар, яъни назоратни баҳолашдаги формал ёндошувлар, ягона гуруҳ ҳисоб сиёсатини қўллаш ва гуруҳ ичидаги операцияларни ўзаро бартараф этиш (элиминация) билан боғлиқ муаммолар, саёз маълумотлар базаси ва кадрлар салоҳиятининг етарли эмаслиги каби омиллар ўрганиб чиқилган. Мазкур муаммолар бешта асосий гуруҳ (меъёрий-институционал, ташкилий-бошқарув, методик, техник ва кадрлар)га ажратилди, ва уларнинг таҳлили натижасида муаллиф томонидан диагностика модели таклиф этилди. Шунингдек, консолидациялаш периметрини аниқлаш, гуруҳ ҳисоб сиёсатини стандартлаштириш, маълумотлар базасини модернизация қилиш ва инсон капитали салоҳиятини ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тайёрлашни такомиллаштириш, корпоратив бошқарув шаффофлигини ошириш ва ҳисобот тузувчи корпоратив гуруҳларни халқаро молиявий бозоргага интеграциялашув жараёнини чуқурлашишига хизмат қилади