Ушбу мақолада Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимининг шаклланиш босқичи, унинг миллий хусусиятлари ва халқаро моделлар билан ўзаро муносабати таҳлил қилинган. Мамлакатимизда корпоратив бошқарув амалиёти бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида шаклланаётганлиги, қонунчилик базасининг етарли даражада такомиллашмагани, корпоратив маданият ва хулқ-атвор анъаналарининг ҳали ривожланиш босқичида эканлиги алоҳида таъкидланган. Мақолада корпоратив бошқарувнинг англо-саксон ва Континентал Европа (Германия) моделлари, шунингдек, Япония, Исломий ва бошқа альтернатив ёндашувлар мисолида корпоратив бошқарув тизимларининг асосий тамойиллари, тузилмалари, афзаллик ва камчиликлари солиштирма таҳлил қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда шаклланаётган корпоратив бошқарув моделидаги ўзига хосликлар икки поғонали кенгаш амалиёти, банклар ролининг устуворлиги, "олтин акция" амалиёти каби жиҳатлар ёритилган. Мақолада корпоратив бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, халқаро стандартлар ва миллий амалиётни уйғунлаштириш, корпоратив маданиятни шакллантириш ҳамда корпоратив хулқ-атвор кодекси қабул қилиш зарурати бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган. Шунингдек, муаллиф корпоратив бошқарув тизимларининг конвергенция тенденцияларини кўрсатиб, Ўзбекистон учун самарали ва рақобатбардош миллий моделни шакллантиришнинг долзарб масала эканлигини асослаб беради
Ушбу мақолада Ўзбекистон акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг инновацион моделларини жорий этишнинг назарий ва амалий жиҳатлари таҳлил қилинди. Тадқиқотда корпоратив стратегияларни қайта кўриб чиқиш, мустақил кузатув кенгашларини кучайтириш, стейкҳолдерлар иштирокини кенгайтириш, ESG тамойиллари асосида масъулиятли бошқарув моделини ривожлантириш ҳамда корпоратив маданиятни инновацион йўналишга йўналтириш масалалари ўрганилди. Асосий эътибор корпоратив бошқарувда шаффофлик, ҳисобдорлик ва жавобгарликни оширишга қаратилган моделлар таҳлилига қаратилди. Илмий-амалий натижалар Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ва акциядорлик жамиятларининг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди.