Мазкур мақолада Қашқадарё вилоятида аҳолининг такрор барпо бўлиш жараёнларининг меҳнат ресурслари шаклланишига таъсири социологик тадқиқотлар асосида баҳоланган. Тадқиқот доирасида ҳудуд аҳолиси ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари таҳлил қилиниб, туғилиш даражаси, оилаларда фарзандлар сони, никоҳ ёши, миграция жараёнлари, турмуш шароити ва аҳоли саломатлиги каби омилларнинг меҳнат ресурслари шаклланишига таъсири аниқланган. Таҳлил натижаларига кўра, ҳудудда демографик жараёнларнинг барқарорлиги ва юқори туғилиш майли меҳнат ресурслари ўсиши учун асос яратаётгани, бироқ миграция ва ижтимоий инфратузилма билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлиги қайд этилган. Тадқиқот натижалари асосида меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш ва демографик жараёнларни тартибга солиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилган.
Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикасидаги замонавий демографик жараёнлар ва уларнинг инсон капитали ривожланишига таъсири тизимли равишда таҳлил қилинган. Тадқиқотда мамлакат аҳолисининг ўсиш суръатлари, туғилиш ва ўлим кўрсаткичлари динамикаси, ёш таркибидаги таркибий ўзгаришлар ҳамда демографик дивиденддан фойдаланиш имкониятлари баҳоланган. Мақолада келтирилган статистик маълумотлар асосида аҳоли сонининг тарихий шаклланиши, ҳудудий жойлашуви ва келгусидаги демографик прогнозлар тадқиқ этилган. Мақола сўнгида демографик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш моделини шакллантириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.