Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг энг йирик соҳаси бўлиб, ушбу соҳанинг барқарор ва замон талаблари даражасида ривожланиши ахолининг бандлиги ва турмуш фаровонлиги, бозорларнинг сифатли товар ва хизматлар билан тўйинганлиги, нархларнинг адолатли даражаларининг шаклланиши, мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш суръатларини белгилаб беради. Кичик бизнес ва тадбиркорлик корхоналарининг самарали фаолиятини белгилайдиган бир қатор омиллар мавжуд бўлиб, ушбу омиллар таркибида рақобат ва рақобалашишнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Рақобат фаолиятининг самарали ташкил этилиши корхонани рақобатда устунлигини таъминлайди, бозорда мувафақиятли фаолият кўрсатишига шароит яратади. Шу боисдан бугунги кунда рақобатни кичик корхоналар фаолиятида номоён бўлиши, унинг ўзига хос хусусиятлари каби муаммоларни ўрганиш, самарали ташкил этиш бўйича маълум бир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бўлиб ҳисобланади. Ушбу мақолада кичик корхоналар фаолиятида рақобатнинг намоён бўлиши ва унинг хусусиятларининг баъзи жиҳатларини ёритишга харакат қилинди.
Молиявий хизматлар бозорларида банк монополияси муаммоси Ўзбекистон иқтисодиёти олдида турган муҳим масалалардандир. Бу муаммо давлатнинг тижорат банклари капиталини шакллантиришдаги иштироки, қимматли қоғозлар бозори ўртасида тармоқлараро рақобатнинг йўқлиги ва ҳоказолар муаммолари билан янада кескинлашмоқда. Ушбу мақолада Ўзбекистон монополияни енгиш, молиявий хизматлар бозорларида ҳалол рақобатни шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароитларни таъминлаш борасидаги ишларнинг айрим йўналишлари кўриб чиқилган.
Янги Ўзбекистонда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030”ва “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиялари доирасида ҳамда иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичида баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу мақолада баҳоловчилар рейтингини баҳолаш ва уларнинг рэнкингини аниқлаш орқали баҳолаш хизматлари бозори (БХБ)да ҳалол ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалалари таҳлил қилинган. Рейтинг тизими орқали шаффофликни таъминлаш, мижозлар ишончини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатишда сифатни ошириш ҳамда умумий рақобатбардошликни юксалтириш имкониятлари очиб берилган. Мақолада халқаро тажрибалар таҳлили асосида миллий амалиётда жорий этилиши мумкин бўлган самарали ёндашувлар, баҳоловчиларни рейтинглаш мезонлари, баҳолаш услублари ва уларнинг натижалари муҳокама қилинган. Шунингдек, тизимни амалиётга жорий этишда учраши мумкин бўлган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.