Мазкур мақолада Қашқадарё вилоятида аҳолининг такрор барпо бўлиш жараёнларининг меҳнат ресурслари шаклланишига таъсири социологик тадқиқотлар асосида баҳоланган. Тадқиқот доирасида ҳудуд аҳолиси ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари таҳлил қилиниб, туғилиш даражаси, оилаларда фарзандлар сони, никоҳ ёши, миграция жараёнлари, турмуш шароити ва аҳоли саломатлиги каби омилларнинг меҳнат ресурслари шаклланишига таъсири аниқланган. Таҳлил натижаларига кўра, ҳудудда демографик жараёнларнинг барқарорлиги ва юқори туғилиш майли меҳнат ресурслари ўсиши учун асос яратаётгани, бироқ миграция ва ижтимоий инфратузилма билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлиги қайд этилган. Тадқиқот натижалари асосида меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш ва демографик жараёнларни тартибга солиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилган.