Мазкур мақолада минтақавий ривожланишни таъминлашда молиявий воситалардан фойдаланиш механизмлари ва уларнинг иқтисодий самарадорлиги таҳлил қилинган. Тадқиқотда Европа Иттифоқи давлатлари, хусусан Польша ҳамда Туркия тажрибаси асосида ҳудудий ривожланишни молиялаштириш моделлари қиёсий ўрганилган. Мақолада молиявий воситаларнинг институционал асослари, айланмали молиялаштириш механизмлари, ҳудудий ривожланиш агентликлари фаолияти ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида амалга оширилаётган молиялаштириш тизимларининг иқтисодий натижалари таҳлил қилинган. Таҳлил натижаларига кўра, минтақавий ривожланишда молиявий воситаларнинг самарадорлиги уларнинг қайтарилувчанлиги, манзиллилиги ва институционал мувофиқлашув даражасига боғлиқ эканлиги аниқланган. Шунингдек, Польша ва Туркия тажрибаси асосида ҳудудий молиялаштиришнинг самарали моделлари, айниқса револьвер фондлар, ҳудудий ривожланиш агентликлари ва инновацион молиявий инструментлар (венчур фондлар, “яшил” облигациялар, сукук)дан фойдаланишнинг аҳамияти асослаб берилган. Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда минтақавий ривожланишни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини ошириш ва инвестиция фаоллигини рағбатлантириш бўйича амалий тавсияларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Мақолада инфратузилманинг миллий тараққиётдаги ўрни ва аҳамияти назарий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилинган. Хусусан, инфратузилма тармоқларини ривожлантиришнинг иқтисодий ўсиш, ҳудудий барқарорлик ва ижтимоий фаровонликка кўрсатаётган таъсири очиб берилган. Шунингдек, инфратузилмага инвестициялар жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларининг миллий тараққиёт стратегиясидаги ўрни илмий асосланган. Хулоса қилиб, миллий тараққиётнинг барқарор ва самарали йўналишларини таъминлашда инфратузилмани инновацион асосда ривожлантириш муҳим омил экани таъкидланган.