Сўнгги йилларда мамлакатда хизматлар экспортини оширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида туризм салоҳиятини такомиллаштириш ва ундан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг уникал географик жойлашуви, шунингдек, Марказий Осиё минтақасининг маданий, табиий-географик жиҳатдан ўхшаш ва фарқли жиҳатларини инобатга олган ҳолда туристик маҳсулотларни таклиф этишда минтақавий тур пакетларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Глобал қиймат занжири ёрдамида турист харажатларини оптималлаштириш ва унга таклиф этилаётган манзиллар сафини кенгайтириш орқали минтақанинг туристик жозибадорлигини ошириш имкониятлари мавжуд.