Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг энг йирик соҳаси бўлиб, ушбу соҳанинг барқарор ва замон талаблари даражасида ривожланиши ахолининг бандлиги ва турмуш фаровонлиги, бозорларнинг сифатли товар ва хизматлар билан тўйинганлиги, нархларнинг адолатли даражаларининг шаклланиши, мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш суръатларини белгилаб беради. Кичик бизнес ва тадбиркорлик корхоналарининг самарали фаолиятини белгилайдиган бир қатор омиллар мавжуд бўлиб, ушбу омиллар таркибида рақобат ва рақобалашишнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Рақобат фаолиятининг самарали ташкил этилиши корхонани рақобатда устунлигини таъминлайди, бозорда мувафақиятли фаолият кўрсатишига шароит яратади. Шу боисдан бугунги кунда рақобатни кичик корхоналар фаолиятида номоён бўлиши, унинг ўзига хос хусусиятлари каби муаммоларни ўрганиш, самарали ташкил этиш бўйича маълум бир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бўлиб ҳисобланади. Ушбу мақолада кичик корхоналар фаолиятида рақобатнинг намоён бўлиши ва унинг хусусиятларининг баъзи жиҳатларини ёритишга харакат қилинди.