Ушбу мақолада муаллиф томонидан “Фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисида” ҳисоботнинг шаклидаги кўрсаткичлар бошланғич кўрсаткич, жорий кўрсаткичлар, оралиқ кўрсаткичлар ва якуний кўрсаткичга ажратилиб, ушбу гуруҳдаги кўрсаткичларнинг мазмун моҳияти очиб берилди. Тадқиқот жараёнида оралиқ кўрсаткичларни ҳисоблаш тартиби ва формулалари ишлаб чиқилди. Тадқиқотда сотиш ва хизматлар таннархи кўрсаткичини аниқлаш мақсадида савдо, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг хусусиятларини инобатга олиш зарурлиги таъкидланди. Ишлаб чиқариш корхоналарида даврий ҳисоб тизимида тайёр маҳсулотларни сотиш таннархи тўғрисидаги ҳисоботи шакли ишлаб чиқилди. Фойда солиғи бўйича ҳисоб-китобларга келтирилган 2.1 (а) – иловадаги ҳисоб-китобларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тавсия этилди.
Мазкур мақолада тўловга қобилиятсизлик(банкротлик) тушунчаси ва унинг мазмуни, турли илмий нашрларда тушунчага берилган таърифлар, тўловга қобилиятсизликни таҳлил этиш методикаси, мавзунинг долзарблиги келтирилган. Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлиги, унинг аҳамияти талқин қилинган. Ушбу Қонун 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг 155-бандига мувофиқ ишлаб чиқилган. Мақолада тўловга қобилиятсизлик(банкротлик)ни башоратлашнинг хориж моделлари ва уларда қўлланиладиган кўрсаткичлар талқин қилинган. Тадқиқотлар натижасида тўловга қобилиятсизлик(банкротлик)ни олдини олиш бўйича муаллиф ёндошуви шакллантирилган ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилган.