Ушбу мақола ислом молия институтларида бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда савдо шартномаларидан бири бўлган муробаҳа шартномаси ҳисобини юритиш тартибини ёритиб беради. Муробаҳани молиялаштириш бўйича асосий фикрлар берилади, хужжатларда у билан боғлиқ операцияларни баёнига алоҳида тўхталади. Жумладан, муробаҳани ёритишда молия муассасаси томонидан танлаб олинган усулнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, ислом молия институтларида бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби, анъанавий ва ислом банкларида бухгалтерия ҳисобини юритишдаги ўхшашлик ва фарқли жиҳатлари муҳокама қилинади. Хулосада муробаҳа савдо шартномасини амалга ошириш ҳисоби бўйича асосий фикрлар тақдим этилади.
Мазкур мақолада Ўзбекистонда ислом молияси тамойиллари асосида бизнесни молиялаштиришнинг жорий ҳолати, истиқболлари ва долзарб муаммолари таҳлил қилинган. Муробаҳа, ижара, мушорака, мудораба каби инструментларнинг амалиётда қўлланиши, уларнинг тарқалиши ва молия муассасалари томонидан жорий этилиши тўғрисида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, исломий лизинг (TaibaLeasing), финтех (IMAN) ва исломий суғурта (ApexInsurance) ташкилотлари фаолияти мисолида ислом молияси хизматлари таҳлил қилинган. Мақолада ислом молиясининг ҳуқуқий базаси, инфратузилмаси, аҳолининг молиявий саводхонлиги ва кадрлар етишмаслиги каби тўсиқлар атрофлича ёритилган. Хорижий тажриба ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг аҳамияти ва истиқболли йўналишлари кўрсатилган. Шу боисдан, мақола илмий тадқиқотчилар, давлат органлари ва ислом молияси институтлари учун амалий аҳамиятга эга бўлиш мумкин.