Ушбу мақолада молиявий натижалар ҳисобини халқаро стандартларга ўтказиш борасидаги долзарб масалалар қайд қилинган. Хорижлик ва мамлакатимиз олимлари томонидан молиявий натижаларга берилган таърифлар танқидий ўрганилган. Тадқиқот ишида молиявий натижаларга такомиллашган муаллифлик таърифи ишлаб чиқилган. Келтирилган таърифда халқаро стандартларга мувофиқ молиявий натижалар шаклланиши, даромад ва харажатларни мувофиқлик принципига асосан бир-бирига таққосланиши натижасида фойда ёки зарар юзага келиши, фойда хусусий капитални кўпайтирувчи, зарар эса хусусий капитални камайтирувчи омил эканлигини инобатга олинган. Ҳисоблаш, реализация, мувофиқлик, ва иқтисодий наф олиш принципларининг амал қилиш кетма-кетлиги тавсия этилган
Ушбу мақолада Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишнинг афзалликлари, 15-сон МҲХС “Харидорлар билан шартномалар бўйича тушумлар” стандартига мувофиқ операция нархини аниқлаш тартиби келтирилган. Шунингдек, ишда молиялаштиришнинг салмоқли компоненти мавжуд бўлган ҳолларда тушумларни, молиявий даромад ва харажатларни, узоқ муддатли савдо дебиторлик қарзлари ва шартномавий мажбуриятларни тан олиш, бухгалтерия счётларида акс эттириш ҳамда молиявий ҳисобот масалалари ёритилган.
Ушбу мақолада акциядорлик жамиятларида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини биринчи марта қўлланиши, унинг ўзига хос жиҳатлари очиб берилган. Бунда биринчи марта халқаро стандартларни қўллаш жараёнида ўзига хос хусусиятлари очиб берилган. Шу жумладан биринчи марта молиявий ҳисоботларни шакллантирилиши, унинг ўзига хос томонлари, молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот, фойда ва зарарларни ҳисоботда акс эттирилиши жиҳатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 февраль, ПҚ-4611-сон Қарори асосида ташкил қилиниши бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
Ушбу мақолада БРММга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар БРММга асосан бюджет харажатларини таснифлашдаги жорий ҳолат ўрганилган бўлиб, унда БРММга мувофиқ бюджет харажатларини таснифлашда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга эътибор қаратилган ҳамда ҳозирги бюджет тизимига қай тартибда БРММ асосида таснифлашни боғлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган. Шунингдек, БРММни таснифлашда нафақат мақсадлар доирасида, балки вазифалар кесимида ҳам амалга ошириш аҳамиятга эга эканлиги ёритилган. Бунинг натижасида вазифага йўналтирилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар асосида маблағларни тақсимлаш, қўшимча молиялаштиришни талаб қилувчи БРМ вазифаларини аниқлаш ва харажатлар самарадорлигини таҳлил қилиш ҳисобига қарорлар қабул қилиш жараёнини такомиллашиши мисоллар орқали ёритиб берилган
Мақолада даромад ва харажатларнинг бухгалтерия ҳисоби объекти сифатидаги тавсифи тадқиқ этилган бўлиб, унда даромад ва харажатларга иқтисодий категория сифатида хорижий ва маҳаллий олимлар томонидан берилган таърифлар, миллий ва халқаро стандартларда келтирилган тартиб-қоидалар очиб берилган. Шунингдек, тадқиқотлар натижасида бухгалтерия ҳисобида даромад ва харажатларни назарий жиҳатдан такомиллаштирувчи таърифлар муаллиф томонидан ишлаб чиқилган.
Ушбу мақолада банк тизимидаги депозитлар таркиби ва уларнинг молиявий барқарорликка таъсири таҳлил қилинди. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан шакллантирилган депозитларнинг банклар учун ликвидлилик, хавф ва харажатлар нуқтайи назаридан қандай муаммоларни келтириб чиқариши ўрганилди. Тадқиқот давомида давлат улуши мавжуд банклар ва хусусий банклар ўртасидаги депозитларнинг тақсимланиши ва уларнинг иқтисодиётга таъсири кўриб чиқилди. Мақолада банк секторини барқарор ривожлантириш ва депозит ресурсларини самарали бошқариш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилган.
Ушбу мақолада маҳаллий бюджетларни шакллантириш молиявий стратегиянинг муҳим босқичи сифатида тадқиқ этилган. Бунда, 2024 йилга мўлжалланган Жиззах вилояти маҳаллий бюджетининг даромадлари ва харажатлари тузилиши таҳлили ўтказилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетни шакллантиришдаги фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар берилган.
Ушбу тадқиқот ишида бутун дунёда кузатилган олий таълимнинг оммавийлашув даврида олий таълим муассасаларини молиялаштириш тартибларида учрайдиган асосий жиҳатлар Ўзбекистондаги олий таълим соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар мисолида таҳлил қилинган. Олий таълимни молиялаштиришнинг оммавийлашув даврига хос хусусиятлар эмпирик таҳлиллар асосида шарҳлаб берилган. Мақолада Ўзбекистонда олий таълим олишнинг оммавийлашув даврида олий таълим муассасаларини молиялаштиришда эътибор берилиши зарур бўлган жиҳатлар очиб берилган. Шунингдек уларни баҳолаш орқали тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши бўйича илмий хулосалар ва тегишли таклифлар берилган.
Мазкур мақола мамлакатимизда фаолият юритаётган турли мулкчилик шаклидаги хўжалик юритувчи субъектларда товар-моддий захиралар билан боғлиқ муносабатларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиришнинг назарий асосларига бағишланади. Хўжалик юритувчи субъектлардаги товар-моддий захираларнинг турлари, уларни бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олишда бухгалтернинг асосий вазифалари, шунингдек, инвентаризация ҳолати ҳамда уларнинг сақланиши устидан ички назоратнинг ўрнатилганлиги бўйича фиклар ёритиб берилган. Ушбу вазифаларни бажариш учун биринчи навбатда бирламчи бухгалтерия маълумотларидан, синтетик ва аналитик ҳисоб регистрларидан фойдаланиш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилган. Бу эса хўжалик юритувчи субъектларда товар-моддий захиралар ҳисобини ташкил этишдаги бир қанча муаммоларни бартараф этиб, молиявий ҳисобот маълумотларининг ҳаққонийлик даражасини оиширишга хизмат қилади.