Мазкур мақолада банк молиявий ресурсларини самарали бошқаришда кредит портфелини юритишнинг ўрни, тижорат банклари кредит портфелининг ҳолати уларнинг активлар ликвидлилигига таъсири кўриб чиқилган. Тадқиқот материал ва методларига кўра мавзу юзасидан бир қатор хорижий ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодчи олимлари томонидан берилган таърифлар ҳамда фикрлари ўрганилиб, муаллиф томонидан шарҳланиб уларнинг мазмуни очиб берилган. Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари молиявий ресурсларини бошқариш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда, тижорат банкларида активларни бошқаришга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш борасида таклиф ва амалий тавсиялар берилган.
Ушбу илмий мақолада тижорат банклари мулкчилик шаклига кўра ресурслари базасини таҳлил қилинган. Тижорат банкларини иккига бўлган ҳолда, яъни давлат улуши мавжуд банклар ва давлат улуши мавжуд бўлмаган банкларга бўлиб ўрганилди. Таҳлил натижаларига кўра, давлат улуши мавжуд банкларда мажубриятлар ўсиши депозитлар ўсишидан тезроқ бўлган. Ушбу ҳолат давлат тижорат банкларига хукумат арзон ресурслар билан таъминлаб турганлигидан далолат беради. Аксинча, давлат улуши мавжуд бўлмаган тижорат банкларида депозитлар ўсиши умумий мажбуриятлар ўсишидан юқори бўлган. Биринчидан, аҳолининг банк тизимига ишончи ошиб бораётган бўлса, иккинчидан банк тизимида давлат улуши мавжуд тижорат банкларига қараганда давлат улуши мавжуд бўлмаган тижорат банкларига ишонч кўпроқ ошган.