Мақолада илмий мактаблар, иқтисодий ривожланишга оид турли назарий қарашлар ва уларнинг иқтисодий ўсишга таъсири чуқур таҳлил қилинган. Хусусан, классик, неоклассик ва замонавий эндоген ўсиш назариялари доирасида иқтисодий ўсиш манбалари, капитал жамғарилиши, меҳнат унумдорлиги, инновациялар ҳамда инсон капитали ривожланишининг роли асослаб берилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон шароитида иқтисодий ўсишни таъминловчи асосий омиллар саноатлашув даражасининг ошиши, инвестиция муҳитини яхшилаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари таҳлил этилган. Тадқиқотда иқтисодий ўсишни баҳолашда қўлланиладиган макроиқтисодий моделлар, жумладан, ЯИМ динамикасига таъсир этувчи ишлаб чиқариш функциялари ва омиллар модели орқали 2026–2030 йиллар учун прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган мақсад ва вазифалар аҳоли фаровонлигини ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини кўпайтириш ҳамда минтақаларни мутаносиб ривожлантириш йўналишлари илмий жиҳатдан асослаб берилган
Мазкур мақолада минтақавий ривожланиш жараёнларида молиявий воситаларнинг назарий моҳияти, уларнинг иқтисодий тизимдаги ўрни ҳамда самарадорлигини баҳолаш масалалари таҳлил қилинган. Тадқиқотда молиявий воситаларнинг таснифи, уларнинг иқтисодий мактаблар билан боғлиқ назарий асослари ва ҳудудий иқтисодий ривожланишга таъсир механизми ўрганилган. Шунингдек, молиявий воситалар самарадорлигини баҳолашда қўлланиладиган фискал, инвестицион, институционал, ижтимоий ва инновацион мезонлар илмий жиҳатдан асосланган
Ушбу мақолада махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) концепциясининг назарий асослари ва уларнинг иқтисодий ривожланишдаги ўрни таҳлил қилинган. Жаҳон амалиётидаги МИЗ моделлари: эркин савдо ҳудудлари, саноат парклари, технологик кластерлар ҳамда инновацион зоналарнинг ривожланиш хусусиятлари ёритилган. Шунингдек, МИЗнинг ижобий таъсирлари ҳамда салбий хавфлари чуқур муҳокама қилинган. Олинган натижалар МИЗларни миллий саноат сиёсати ва барқарор ривожланиш стратегиялари билан уйғунлаштириш зарурлигини асослаб берди.