Ушбу мақолада Ўзбекистон акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг инновацион моделларини жорий этишнинг назарий ва амалий жиҳатлари таҳлил қилинди. Тадқиқотда корпоратив стратегияларни қайта кўриб чиқиш, мустақил кузатув кенгашларини кучайтириш, стейкҳолдерлар иштирокини кенгайтириш, ESG тамойиллари асосида масъулиятли бошқарув моделини ривожлантириш ҳамда корпоратив маданиятни инновацион йўналишга йўналтириш масалалари ўрганилди. Асосий эътибор корпоратив бошқарувда шаффофлик, ҳисобдорлик ва жавобгарликни оширишга қаратилган моделлар таҳлилига қаратилди. Илмий-амалий натижалар Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ва акциядорлик жамиятларининг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди.
Ушбу мақолада акциядорлик жамиятларида инновaцион фаолиятни ривожлантиришнинг иқтисодий, молиявий ва технологик асослари таҳлил қилинади. Инновациялар иқтисодиётни модернизациялаш, рақобатбардошликни ошириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги кўрсатилган. Тадқиқотда инновaцион лойиҳаларни молиялаштириш, бошқариш ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар берилади. Натижалар Ўзбекистоннинг глобал инновaцион индексда позициясини мустаҳкамлаш ва акциядорлик жамиятларининг инновaцион салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Мақола Ўзбекистондаги акциядорлик жамиятларида мулкий капитал рентабеллиги (ROE) ни белгилайдиган омилларни DuPont моделидан фойдаланган ҳолда таҳлил қилиб, компаниянинг молиявий муваффақиятига даромаддорлик, самарадорлик ва қарз юкининг таъсирини ўрганади. Панель маълумотлари бўйича 25 та номолиявий компаниянинг 10 йиллик (2014–2023 йиллар) собит ва тасодифий эффектлар моделлари қўлланилди. DuPont модели тахминларига мос ҳолда, даромаддорлик ва самарадорлик мулкий капитал рентабеллигига муҳим ижобий таъсир кўрсатган, бироқ қарз юки салбий таъсирга эга бўлган. Ортиқча эффектли модель (лаг эффекти) натижаларига кўра эса, уччала омил ҳам мулкий капитал рентабеллигига аҳамиятли ижобий таъсир кўрсатган. Ўзбекистондаги номолиявий компанияларни таҳлил қилувчи илк мақолалардан бири сифатида, ушбу тадқиқот компания самарадорлигига таъсир қилувчи омиллар ҳақида тадқиқотчилар ва менежерлар учун фойдали маълумотлар тақдим этади.